Ўзбекистон – аёл қадри улуғланган юрт
Тарихдан маълумки, турли даврларда хотин-қизларга муносабат ҳукмрон сиёсат таъсирида ўзгариб турган. Лекин ўзбек аёллари ҳар қандай вазиятда ҳам ўзлигини унутмаган. Нафақат мамлакат, балки бутун дунё тараққиётига улкан ҳисса қўшган не-не алломаларни, буюк шахсларни тарбиялаб вояга етказган. Ибн Синонинг онаси Ситорабону, Имом Бухорийнинг онаси Фотимабегим, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд онаси Биби Орифабегим каби фозила момоларимиз мана шундай ўзбек аёлларининг ёрқин тимсоли сифатида тарихда қолган.
Ўз даврида давлат бошқаруви, ҳарб иши, юрт ҳимояси, мулкчилик, қурилиш, ишбилармонлик, таълим-тарбия, адабиёт соҳаларида фаол бўлган Томир хотин (Тўмарис), Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин каби ватанпарвар аждодларимиз юртимиз тараққиёти йўлида улкан ишларни олиб борган.
Мустабид тузум қатағонига учраган жадид боболаримиз билан елкама-елка туриб миллат тараққиёти, озодлиги йўлида фидойилик қилган, ўз ҳаётини хатарга қўйиб курашган Хайринисо Мажидхонова, Марям Султонмуродова, Хадича Алиева, Дилоро Юсупова каби ўнлаб матонатли маърифатпарвар ўзбек хотин-қизларининг ибратли фаолияти ҳақида бугун биз тўлиқ маълумотга эга бўлмоқдамиз.
Мамлакатимизда юридик соҳани ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Хадича Сулаймонова, Мамлакат Восиқова, Ҳалима Муҳитдинова каби таниқли ҳуқуқшунослар яратиб кетган мактаб, бой илмий мерос соҳа учун етук кадрлар тайёрлашда ҳозир ҳам асқатмоқда. Бутун ижоди давомида ўзбек хотин-қизларининг орзу-армонларини, севги ва садоқатини, она Ватанга бўлган чексиз муҳаббатини тараннум этган Зулфия опа, Ҳалима Худойбердиева каби кўплаб шоираларнинг дурдона асарлари қизларимизни ҳамон юксак марралар сари илҳомлантириб келмоқда.
Халқимизда “Оққан дарё оқаверади” деган нақл бор. Ҳозирги кунда мамлакатимизда Президентимизнинг алоҳида эътибори, чексиз ғамхўрлиги натижасида хотин-қизларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар, аввало, уларнинг жамиятда қадрини ошириш, азалдан ўзбек аёлига хос бўлган юксак интеллектуал салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш, заҳматкаш, оқила, мард ва жасур онахонларимизнинг ишини муносиб давом эттиришга қодир авлодни тарбиялашга қаратилгани билан муҳимдир.
Бугун тараққийпарвар дунё ҳам хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги тенглиги ва тўлақонли иштирокини таъминлаш мамлакатларнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, жамиятлар демократлашуви ва Ер юзида тинчлик-осойишталикни сақлашда энг муҳим омиллардан бири эканини тобора чуқур англамоқда. Қолаверса, глобал миқёсда давом этаётган экологик ва иқтисодий инқироз, давлатлар, динлар ҳамда миллатлараро ўзаро можаролар аҳоли турмуш даражасига сезиларли таъсир кўрсатаётган, бундан аёллар ва болалар кўпроқ азият чекаётган бир даврда ушбу масала янада долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, истеъдоди ҳамда қобилиятини юзага чиқариш, гендер тенгликка эришиш миллий сиёсатимизда устувор вазифа сифатида белгиланиб, изчил амалга ошириб келинмоқда.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, хотин-қизларни барча жабҳада қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий ва моддий асос яратилди. Жумладан, бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди ва миллий қонунчилигимиз асослари такомиллаштирилди. Юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоясини тубдан кучайтириш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, таълим олиш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун кенг имконият яратишга қаратилган 30 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Жумладан, 4 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 га яқин Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 14 та қарори қабул қилинди. Янгиланган Конституциямизда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, давлат хотин-қизлар ҳамда эркакларга давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва бошқарув ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши белгилаб қўйилди.
Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг ўзига хослиги бу борада амалга ошириладиган вазифаларнинг асосий йўналишлари Президентимиз томонидан аниқ белгилаб берилгани ҳамда “...бирорта хотин-қиз давлат ва жамият эътиборидан четда қолмайди”, деган қатъий тамойил асосида, кенг қамровда самарали йўлга қўйилганидадир. Мазкур масалага доир қабул қилинган дастурлар, лойиҳалар ва белгиланган чора-тадбирлар натижалари тез орада хотин-қизларимизнинг бевосита ҳаётида акс этиб, уларнинг турмуши фаровонлигини таъминлашга, қадрини оширишга хизмат қилаётгани қувонарли.
Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси тузилди. Унинг асосий вазифалари сифатида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳуқуқ ва эркинликнинг барча жабҳасида тенглик имкониятларини яратиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш ишларини назорат қилиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, уларни амалга ошириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш масалалари белгиланди.
Ўтган қисқа вақт мобайнида мана шу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитини яхшилаш, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклига барҳам бериш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида қатор ишлар рўёбга чиқарилди.
Янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексида аёллар ва эркаклар меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш, меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатлангани, айниқса, хотин-қизларга меҳнат муносабатларида, меҳнатга ҳақ тўлаш каби масалаларда эркаклар қатори бир хил муносабатда бўлиш бўйича нормалар киритилди.
Аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги фаоллигини оширишга эътибор қаратилиб, Сайлов кодексига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Сўнгги йилларда мамлакатда қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ортиб, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партияларда 46 фоизга, олий таълимда 48 фоизга етди. Барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги муассасалар раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинлаш тизими жорий этилди.
Бугунги кунда 2 мингдан ортиқ хотин-қизлар турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда. Биргина республика ва маҳаллий даражадаги ижро ҳокимияти органларининг раҳбарлик лавозимларида 241 нафар хотин-қиз фаолият юритмоқда. Уларнинг 2 нафари раҳбар (вазир, қўмита раиси), 9 нафари раҳбар ўринбосари (вазир, раис ва директор ўринбосарлари), 14 нафари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, 4 нафари туман (шаҳар) ҳокими ҳамда 212 нафари туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари сифатида иш олиб бормоқда.
Куни кеча Жаҳон банки ўзининг “Аёллар, бизнес ва қонун” йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, мамлакатимиз ҳуқуқий жиҳатдан гендер тенглиги тараққиёти бўйича 190 та давлат ичида энг кучли бешталикка кирди. Ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистонда 2022 йилнинг октябрь ойидан буён хотин-қизларнинг мавқеини яхшилашга хизмат қилувчи тўртта ҳуқуқий ислоҳот амалга оширилган. Бу эса мамлакатимизнинг 82,5 балл билан дунё рейтингида юқори поғоналарни эгаллашига асосий омил бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида аёлларимиз учун кенг шарт-шароитларни яратиш борасидаги ислоҳотларимизни давом эттирар эканмиз, бундай халқаро эътирофлар бундан кейин ҳам бўлавериши шубҳасиз.
Халқимиз азалдан қизларга, оналарга миллат тарбиячилари сифатида алоҳида эътибор қаратиб келган. Маърифатпарвар боболаримиз бежиз “Оналарни ўқитсак, миллатни ўқитган бўламиз” деган фикр билан ўзбек аёлларининг билимли, илмли бўлиши йўлида жон куйдирмаган. Ўша қалтис бир даврда миллатпарвар зиёлиларимиз ҳомийлигида ўзбек қизларининг бир гуруҳи Германияга ўқишга жўнатилган. Мана шу мисолнинг ўзиёқ хотин-қизлар таълим-тарбиясига илғор ота-боболаримиз ҳаёт-мамот масаласи сифатида қараганини кўрсатади.
Албатта, бугунга келиб жадидларнинг мана шу орзу-умидлари ушалмоқда. Узлуксиз таълимнинг барча босқичини тубдан ислоҳ этиш, ўқув жараёнига энг сўнгги илғор технологияларни жорий қилиш, ўқитувчиларнинг профессионаллик даражасини кўтариш борасида олиб борилаётган ишларнинг барчаси замонавий билим, кўникма ва малакаларни, меҳнат бозорида талаб катта бўлган касб-ҳунарларни эгаллаган рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.
Мана шу ислоҳотлар жараёнида хотин-қизлар таълимига алоҳида эътиборнинг қаратилиши улар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ бўлган нафақат бугунги масалаларни ҳал этиш, балки келажакда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Бугун “Аёлларга илм бериш — жамиятни илмли, маърифатли ва салоҳиятли қилиш” деган мезон ҳаётимизга чуқур сингиб бормоқда. Билим оламан, касб-ҳунар эгаллайман, илм-фан билан шуғулланаман деган хотин-қизлар учун имкониятлар эшиги очиқ. Уларга махсус квоталар ажратилган, шартнома тўловлари Давлат бюджетидан қоплаб берилмоқда, имтиёзли кредитлар тақдим этилмоқда. Бундай чексиз ғамхўрликлар қизларимизда билим олишга бўлган рағбатни, келажакда жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишга бўлган саъй-ҳаракатни кучайтириб юборди. Олий таълим муассасаларида ҳозирда таълим олаётган талабаларнинг 598 минг нафарини, яъни 49,8 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. 2017 йилдагига нисбатан оладиган бўлсак, бу кўрсаткич 12 фоизга ошганини кўрамиз.
Шу ўринда сўнгги йилларда кузатилаётган яна бир ижобий тенденцияни, яъни хотин-қизларда амалий ва аниқ фанларга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлаш ўринли. 2022/2024 ўқув йилида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг STEAM таълим йўналишлари бўйича кўрсаткичи таҳлил қилинганда, физика йўналишида ўқиётган талабаларнинг 64 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани маълум бўлди. Шунингдек, математика (60 фоиз), хизмат кўрсатиш (34 фоиз), қишлоқ хўжалиги (36 фоиз) ва ишлаб чиқариш ва ишлов бериш (32 фоиз) каби йўналишлар бўйича ҳам бу борада ўсиш кузатилган.
Жорий йилнинг январь ойида делегациямиз Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан биргаликда Лондонда ташкил этилган “Янги Ўзбекистон — янги имкониятлар, ривожланиш учун ижтимоий шериклик” халқаро форумида иштирок этиб, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини келишиб олдик ва меморандум имзоладик. Жумладан, мамлакатимизда қўлга киритилаётган бундай натижалар мазкур халқаро молиявий ташкилот билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири бўлган илм-фан, технологиялар, муҳандислик ва математика, шунингдек, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланадиган энергия ва атроф-муҳит технологиялари билан боғлиқ соҳаларда тадбиркор аёлларнинг инновацион ва ижодий фаолиятини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган яна бир муҳим йўналиш доимий ишига эга бўлмаган опа-сингилларимизга касб-ҳунар ўргатиш ва шу орқали уларнинг бандлигини таъминлашдан иборат.
Шу мақсадда Президентимизнинг 2022 йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ушбу жараён билан боғлиқ барча ташкилий, молиявий масалалар ҳамда курсларни битирганларни ишга жойлаштиришгача аниқ белгилаб берилди.
2023 йилда камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари йўлланмаси асосида 77,9 минг хотин-қиз 75 та касб-ҳунар йўналиши бўйича ўқитилди. Ушбу кўрсаткич 2017 йилда бор-йўғи 4,2 мингни ташкил этганини ҳисобга олсак, қисқа муддатда бу жараён қанчалик тез жадаллашиб кетганини, унга эҳтиёж ниҳоятда катта бўлганини англаш қийин эмас. Қолаверса, бу борадаги ўсиш фақат сонда эмас, самарадорликда ҳам кўзга ташланмоқда. Мазкур ўқув курсларини тугаллаган 71,9 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Шунингдек, 3,8 минг нафар ногиронлиги бўлган хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилган. Уларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўқиш даврида 4,8 млрд. сўм рағбатлантириш тўловлари тўлаб берилган. Умуман олганда, ўтган сўнгги 7-8 йил давомида 1 339 мингдан зиёд хотин-қизлар бандлиги таъминланди, 233 мингдан ортиқ аёлларга 4,7 трлн. сўм кредит берилди. Бунинг натижасида бугунга келиб тадбиркорликда аёллар улуши 2017 йилдаги 21 фоиздан 37 фоизга кўтарилди.
Шу ўқув йилидан бошлаб қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича мутахассисликларни эгаллаш истагида бўлган хотин-қизлар учун тегишли йўналишдаги коллеж ва техникумларда давлат гранти асосида таълим олиши белгилаб қўйилди. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, барча соҳада уларнинг иштирокини кенгайтиришда яна бир муҳим омилга, яъни уларнинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим ва малакаларини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда олий ўқув юртларида ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси бўйича таълим олаётган талабаларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Биргина “IT-Women.Uz” лойиҳасининг ҳудудлардаги 205 та ўқув марказида 4500 дан ортиқ хотин-қизлар ахборот технологиялари соҳасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатди.
БМТ Тараққиёт дастури ва Халқаро электр-алоқа иттифоқи билан биргаликда 2022 йилда дунёнинг 20 та давлати қаторида Ўзбекистоннинг барча ҳудудида гендер рақамли тафовутни бартараф этиш рейтинги индикатори бўйича бўлиб ўтган баҳолаш якунида мамлакатимиз хотин-қизларининг рақамли технологиялардан фойдаланиш кўрсаткичи 87 фоизни ташкил этгани, албатта, қувонарли. Президентимиз Фармони билан жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови учун яна бир йўналиш очилди. Энди ахборот технологиялари соҳасида алоҳида ютуқларга эришган иқтидорли қизлар ҳам ушбу нуфузли мукофотни қўлга киритиш имкониятига эга бўлади.
Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилиши ва шу орқали улар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Албатта, бундай эътибор ва ғамхўрлик натижасида яқин йилларда хотин-қизларимиз фаолият кўрсатиши мумкин бўлган соҳалар кўлами янада кенгайиб, уларнинг бандлигини таъминлаш имкониятлари сезиларли даражада ортади.
Дунё миқёсида рақобат тобора кескинлашиб бораётган ҳозирги мураккаб бир даврда Президентимиз томонидан мамлакатимизни илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар асосида модернизация қилиш ва янгилаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди ва бу борада ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси тизими қайта тикланди ва такомиллаштирилди.
Давлат раҳбари илм-фанни ривожлантиришда аёллар салоҳиятидан самарали фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Оила ташвишлари ва фарзанд тарбиясини илмий тадқиқот билан бирга олиб бораётган, бу борада амалий ютуқ ҳамда натижаларга эришаётган олималарни матонат ва жасорат соҳибалари сифатида юксак қадрлашини, уларни қанча зарур бўлса, шунча қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлаб келади. Мана шу эътиборнинг амалий бир мисоли сифатида сўнгги йилларда истеъдодли, билимли хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган қизиқиш ва иштиёқини ошириш, уларни олий таълимдан кейинги таълимга тайёрлаш бўйича амалга оширилган бир қатор чора-тадбирларни айтиб ўтиш мумкин.
Ҳеч кимга сир эмас, яқин-яқингача хотин-қиз талабалар турли объектив, субъектив сабабларга кўра таълимнинг магистратура босқичини давом эттира олмас эди. 2022 йилдан бошлаб магистратурада таълим олаётган талаба қизларнинг шартнома тўловларининг Давлат бюджетидан тўлаб берилиши амалиёти йўлга қўйилиб, шу мақсадга ҳар йили 200 млрд. сўм ажратиладиган бўлди. 2022/2023 ўқув йилида магистратура босқичида таълим олаётган 14 минг 110 нафар талаба-қизнинг 152,9 млрд. сўмлик шартнома тўловлари Давлат бюджетидан қоплаб берилган.
Тасаввур қилинг, 2018/2019 ўқув йилида магистр талаба қизлар сони 4 минг 488 нафар бўлган бўлса, 2022/2023 ўқув йилига келиб уларнинг сони 17 минг 122 нафарга етган. Чуқурроқ мушоҳада этадиган бўлсак, бу рақамлар нимадан дарак беради? Биринчидан, улар танлаган касби бўйича билимларни пухта ўзлаштирган, маълум бир амалий тажрибага эга, бугунги меҳнат бозорига рақобатдош етук мутахассис сифатида кириб боради. Иккинчидан, улар келажакда илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланиш салоҳиятига эга илмий кадрлар сифатида шаклланади.
Мазкур йўналишда хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик шу билан тугамайди, у изчил давом эттирилади. Жумладан, олий таълимдан кейинги таълим учун белгиланган жами қабул квотасининг 48 фоизи, яъни 2374 таси улар учун ажратилган. Бугунги кунда олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларда 6 минг 217 нафар хотин-қиз илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
Президентимизнинг “Биз жонажон Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишни ўз олдимизга буюк мақсад қилиб қўйганмиз. Бу эзгу ва шарафли йўлда энг аввало, оиланинг муқаддас қадриятларига ва чин мураббий бўлган оналаримизнинг теран маънавиятига таянамиз” деган фикрларидан биз ҳозир санаб ўтган имконият, шарт-шароит ва қулайликлар нима мақсадда яратилаётгани, улардан қандай натижа кутилаётгани, муҳими, зиммамизга қандай масъулият юклаётганини чуқур англаб етишимиз зарур.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилди. Президентнинг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.
Бугунги кунда 250 та хизматни қамраб олган ижтимоий ҳимоя тизими орқали меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларига кўмаклашиб келинмоқда. Айниқса, ижтимоий ёрдамни адолатли, аниқ манзилли ҳамда шаффоф тарзда ташкил этишда “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” каби мутлақо янги ва ўзига хос механизмнинг йўлга қўйилгани масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилаётир.
Жумладан, оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида йўлга қўйилган “аёллар дафтари” энг аввало, ёрдамга муҳтож, муаммосини ўзи ҳал этишга қодир бўлмаган оилалар, аёлларга кўмак бериш, уларни оёққа турғазишда муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти. Ушбу эзгу ҳаракат натижасида бугунги кунгача кўплаб хотин-қизларга турли кўринишдаги моддий кўмак берилиб, уларнинг муаммолари ҳал этилди.
Хусусан, ўтган йили боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган 224 минг 397 нафар аёлга 225,1 млрд. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 3 минг 841 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирланиб, уй-жойга муҳтож бўлган 8 минг 656 нафарининг шароитини яхшилашга 11,7 млрд. сўм ижара компенсацияси тўлаб берилди, 1 минг 481 нафарини арзон уй-жойлар билан таъминлашга 42,9 млрд. сўм сарфланди.
Умуман олганда, биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу дафтарга киритилган 993 минг 386 нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилган, шу мақсадга барча манбалар ҳисобидан жами 1,2 трлн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.
Албатта, мана шундай ёрдамлар эвазига қаддини тиклаган, оиласини моддий жиҳатдан таъминлаётган, фарзандларини бекаму кўст тарбиялаб, вояга етказаётган аёлларнинг юзидаги қувончни, мамнунликни кўриб, Президентимиз раҳбарлигида халқимизни рози қилиш, қадрини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари ҳаётимизда қанчалик акс этаётганига яна бир бор амин бўламиз.
— Давлатимиз раҳбарининг Андижонга ташрифи чоғида корхонамизда бўлиб, жамоамиз билан дилдан суҳбатлашгани ҳаётимдаги тарихий кунлардан бири бўлди, — деди “Асака текстиль” кластер тўқимачилик корхонаси тикувчиси Исмигул Йўлдошева. — Айниқса, Президентимизнинг оталарча ғамхўрлик билан “Қадр аёлдан бошланса, қадримиз янада баланд бўлади!” деган сўзлари руҳимни кўтариб юборди. Мен ўз ҳаётимда бу гапнинг мағзини чақиб, шукрона келтирмоқдаман. Чунки рўзғорим бут, оиламда хотиржамлик, фарзандларим, яқинларим ёнимда. Эртанги кунимдан кўнглим тўқ. Бир аёлга бундан зиёда бахт борми?!
Ҳа, бундай самимий дил сўзлари Исмигул каби бугун толеи баланд бўлган минглаб опа-сингилларимизнинг қалбида садо бермоқда.
Жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳақида гап кетаркан, бу борада уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири эканини таъкидлаш зарур. Очиғини айтиш керак, яқин-яқин йилларгача ушбу оғриқли масала очиқчасига муҳокама қилиниб, уни ҳал этиш бўйича тизимли иш олиб борилмаганлиги натижасида муаммолар йиғилиб ётаверди.
Сўнгги йилларда халқимизни қийнаётган муаммолар қаторида ушбу иллатнинг ҳам юзага чиқарилиши ҳамда унинг ҳар қандай кўринишини буткул бартараф этиш бўйича қонуний асосларнинг яратилиши, жамиятда унга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар ўз натижаларини бермоқда.
Тасаввур қилинг, 2021-2022 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 72 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Бу билан бундай ҳолатлар шу йилларга келиб авж олган, деган хулосага келиш нотўғри. Аслида, шундай бир оғир вазиятга тушиб қолган, умидсиз, муштипар аёл арз-додини эшитадиган, дардига малҳам бўладиган замон келганидан бу.
Афсуски, шу кунгача Ўзбекистон қонунчилигида оиладаги зўравонлик бўйича жавобгарликка тортувчи алоҳида норма бўлмаган. 2023 йил 11 апрелда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унга кўра тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга “оилавий (маиший) зўравонлик”, “таъқиб этиш”, “шаҳвоний шилқимлик” каби тушунчалар киритилиб, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий, жиноий жавобгарлик белгиланди.
Жинсий зўравонлик, жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганларга қонунчиликда кўзда тутилган енгилликлар берилмаслиги, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш, ярашганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш каби имтиёзлар қўлланмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи “ҳимоя ордери” муддатини 30 кундан 1 йилга узайтириш бўйича судларга ваколат берилди. Шунингдек, мазкур қонун билан хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зулмга йўл қўймаслик, жамиятда уларни камситишнинг олдини олишга қаратилган яна бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Албатта, қонунларнинг қабул қилиниши яхши, масаланинг яна бир муҳим томони уларнинг қанчалик ҳаётга татбиқ этилиши, самара беришидадир. Шу мақсадда ушбу қонун ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни қамраб олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Республика, вилоят, туман доирасида ишчи гуруҳлар, тарғибот гуруҳлари шакллантирилиб, жойларда зарур ҳуқуқий, психологик ҳамда амалий кўмак ташкил этилмоқда.
Президентимиз ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиҚилишида кейинги йилларда мамлакатимизда оила ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари, аёлларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш тизими анча кучайтирилганини, лекин бундай ҳолатлар ҳали ҳам учраб турганини таъкидлади. Айниқса, зўравонликка учраган хотин-қизлар реабилитация билан етарлича қамраб олинмагани қайд этилди.
Аёллар ва болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаш бўйича маҳалла даражасида алоҳида тизим яратиш, бундай ҳолатга учраган аёллар реестри тузилиб, уларга маҳаллада тезкор комплекс хизмат кўрсатиш тизими жорий қилиниши белгиланди. Шунингдек, ҳар бир туман шифохонасида зўравонликка учраганларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган хоналар ташкил этилиши маълум қилинди. Албатта, бу борада “маҳалла еттилиги” таркибидаги мана шу ишга бевосита масъул бўлган мутасаддиларнинг яқиндан ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида фаол иштирокини таъминлаш нафақат бизнинг юртимизда, балки бутун дунёда долзарб масала сифатида турибди. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг дунё аёлларини тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамликка чорлайдиган, ҳозирда барчани бирдек ўйлантираётган глобал миқёсдаги муаммоларга кенгашиб оқилона ечим топишга қаратилган ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан қизғин қабул қилинмоқда.
Биз Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти, Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари саммити, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти хотин-қизлар форуми йиҚилишларида аёлларнинг давлат бошқаруви, превентив дипломатия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва бизнес, маданият, таълим, фан, санъат, гендер тенглиги, умуман, барқарор ривожланиш соҳаларида ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирларни белгилаб, амалга ошириб келмоқдамиз. Ушбу нуфузли халқаро тузилмаларнинг бир қатор тадбирлари юртимизда юқори савияда ўтказилаётгани мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда жамиятни демократлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилаётганига ёрқин мисол бўла олади.
Маълумки, ҳар қандай мамлакатда гендер тенглик қанчалик таъминланганлиги хотин-қизларнинг давлат бошқарувининг энг юқори поғоналарида эгаллаган ўрни билан ҳам белгиланади. Нега деганда, уларнинг мамлакат тақдири билан боғлиқ муҳим қарорлар қабул қилинадиган давлат идораларида етарлича вакилликка эга бўлиши хотин-қизларнинг манфаатлари шунчалик самарали илгари сурилиши ва мазкур ҳужжатларда амалда ўз аксини топишида катта ўрин тутади. Парламентлараро Иттифоқ маълумотига кўра, унга аъзо 180 давлат ичида Ўзбекистон мазкур кўрсаткич бўйича 45-ўринни эгаллаган. Жаҳон банкининг “Аёллар, ҳуқуқ ва бизнес” индексида мамлакатимиз ўринлари яхшиланди. Ўзбекистон “хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида муҳим ислоҳотларни амалга оширган” 27 та давлат сирасига кирди.
Шу ўринда яна бир муҳим масала, яъни жамиятимиз мустаҳкамлиги, давлатимиз барқарорлигининг муҳим асосларидан бири — оиланинг тарбия ва таълим борасидаги салоҳиятини ошириш, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра долзарб бўлиб турибди.
Бугун халқаро майдонда рақобат тобора кучайиб, дунёда ўз таъсирини сақлаб қолишга жон-жаҳди билан интилаётган давлатлар ўртасидаги зиддиятлар кескин тус олмоқда, ахборот маконида турли ғоявий, маънавий таҳдидлар авж олиб бормоқда. Шундай оғир бир вазиятда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадрият ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, уларни фарзандларимизнинг онгу шуурига чуқур сингдириш халқ, миллат сифатида бирлигимизни таъминлаш, ўзлигимизни сақлаб қолишнинг энг муҳим омилларидан биридир.
Давлатимиз раҳбари Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиҚилишида “Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ўш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”, дея барчамизни, айниқса, зиёлиларни яна бир бор огоҳликка чақирди.
Президентимиз томонидан куйинчаклик билан айтилган бу гаплар, аввало биз, оналарга тегишли, десак, тўғри бўлади. Оилада онанинг ўрни, унинг фарзандлар тарбиясига кўрсатадиган беқиёс таъсири ҳақида Шарқ мутафаккирлари кўп ва хўп фикрлар билдиришган. Оиладаги муҳит, фарзандлар хулқи ва одоби, унинг отага, атрофдаги кишиларга ва жамиятга муносабати айнан онанинг дунёқараши, билими ва маънавияти билан боғлиқ ҳолда шаклланишини улар алоҳида таъкидлашган. “Оқила аёл — оиланинг асоси, болаларини ўз замонаси учунгина эмас, келажак учун ҳам тарбиялайди” дейди алломаларимиз.
Шу мақсадда жамиятнинг асосий таянчи бўлган оилада маънавий муҳитни яхшилаш, фарзанд тарбиясидаги масъулият, миллий қадриятларни сингдириш ва шу каби ташаббусларни кенг ёйиш мақсадида обрў-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга опа-сингилларимиздан иборат жамоатчилик тузилмалари ташкил этилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Оқила аёллар” ҳаракати фаолияти йўлга қўйилди. Улар жойларда янги маънавий макон яратиш, оилаларни мустаҳкамлаш, маърифатли жамиятни қуришда зиёли оналар иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларга қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқчил тилда тушунтириш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.
Бироқ давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, асосан, четдан уюштирилаётган, баъзан ҳатто мамлакатнинг ўзида ҳам аҳён-аҳёнда бўй кўрсатиб қолаётган миллийлигимиз, давлатчилигимиз ҳамда маънавиятимизга қаратилган таҳдидларни, Конституция ва қонунларимизга зид позицияларни бугунги ахборот очиқлиги шароитида жиловлаш мушкул. Уларга қарши фақат маърифат билан, юксак маънавиятимиз билан изчил курашишимиз, муносиб жавоб қайтаришимиз зарур. Ватанимиз мустақиллиги, миллатимиз тақдири учун кураш — абадий кураш эканини ҳар биримиз чуқур англашимиз ва унга ҳамиша шай бўлмоғимиз керак бўлади.
Шу маънода, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти, “Олима аёллар” жамияти, “Оқила аёллар” ҳаракати, Ўзбекистон етакчи аёллари мулоқоти каби қатор жамоатчилик тузилмалари Республика Маънавият ва маърифат маркази билан бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз, ўзаро мувофиқлашган тарзда самарали йўлга қўйишимиз, маънавий-маърифий ишларни илмий асосда, янгича услуб ва мазмунда, тизимли ташкил этишимиз зарур.
Биз қаерда, қандай касбда ишламайлик, табиатан аёлга, онага берилган “авлодлар тарбиячиси”, деган улуғ мақомни унутмаслигимиз керак. Президентимиз илгари сурган “Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқимизнинг бирдамлиги, мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаётининг маъноси деб билмоғи керак! Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” деган олий тушунчани фарзандларимиз онгига сингдириш, уларда мана шундай юксак ватанпарварлик туйғуларини тарбиялаш ҳамда ҳаётининг мазмунига айлантириш, биз — оналарнинг муқаддас бурчимиздир.
Танзила Норбоева,
Олий Мажлис Сенати Раиси,
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш,
гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси.