Ўзбекистон – ШҲТ: халқлар ва давлатлар тинчлиги ҳамда фаровонлиги йўлидаги ҳамкорлик
Ўзбекистон ШҲТ фаолиятида фаол иштирок этиб, ташкилотга тўрт марта — 2003-2004, 2009-2010, 2015-2016 ва 2021-2022 йилларда раислик қилган.
Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йилда Тошкентда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ташкил этилди, Хавфсизлик кенгаши котиблари йиғилишлари формати жорий этилди, ташкилотда кузатувчи мақоми бериш механизми ишга туширилди. Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ҳам муваффақиятли фаолият юритиб, ШҲТ оиласи доирасида маданиятлараро ва гуманитар мулоқотни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётир.
2017 йилдан Ўзбекистон Президенти томонидан ўтган йиллар мобайнида ШҲТ саммитларида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновация ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлик самарадорлигини оширишга доир 91 та ташаббус илгари сурилди. Шулардан 75 таси ҳаётга татбиқ этилган бўлса, қолган 16 таси амалга оширилиш жараёнида.
2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 14 та иштирокчи мамлакат етакчилари, кузатувчилар ва меҳмонлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган йиғилиши, экспертларнинг фикрича, ташкилот учун тарихий бўлди. Саммит якунлари бўйича, ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги амалий мазмун билан тўлдиришга ёрдам берадиган рекорд миқдордаги ҳужжатлар қабул қилинди. Бундан ташқари, Самарқанд саммитида ШҲТни кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, Эроннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланди. Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини бериш бўйича ҳуқуқий ҳужжатлар иши якунланди. Беларусь Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш жараёни бошланди. Баҳрайн, Мальдив ороллари, БАА, Кувайт ва Мьяньма томонидан ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари мақомини олиш тўғрисидаги аризалари қўллаб-қувватланди.
Саммит доирасида ШҲТ ва Араб давлатлари лигаси, БМТнинг ЮНЕСКО ва ЭСКАТО ташкилотлари ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитида Ўзбекистон Президенти сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновациялар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган 16 ташаббусни илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари томонидан Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитда илгари суриладиган янги ташаббуслар аввал эришилган келишувларни амалий амалга оширишга қўшимча туртки беради ва ШҲТ макони халқларининг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун ҳамкорлик кун тартибини янги мазмун билан бойитишга салмоқли ҳисса қўшади.