Туристик объектлар фаолиятига рухсат берилади
Республика махсус комиссиясининг ахборотига кўра, 2020 йил 5 июндан бошлаб туризм соҳасига оид қуйидаги объектларнинг фаолиятига рухсат берилади: “сариқ” ҳудудларда: меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолиятига (хостеллар бундан мустасно); меҳмон уйлари ва солиқ органларида рўйхатдан ўтган дала ҳовлилар (дачалар) фаолиятига (фақат оилавий меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун); ресторан, кафе, ошхона, чойхоналар (меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканларида жойлашган ҳамда очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари) фаолиятига; “Яшил” ҳудудларда “сариқ” ҳудудларга қўшимча равишда маданият объектлари (театрлар) фаолиятига, индивидуал ва жамоавий репетициялар ўтказиш шарти билан (30 кишидан кўп бўлмаган), томошабинлар ва ташриф буюрувчиларга рухсат бермаган ҳолда, спектаклларни онлайн режимида ёки телевидение орқали трансляция қилиш йўли билан ўтказишга рухсат берилади. Бунда ходимлар ва болаларнинг соғлиғи ҳолатини доимий назорат қилиш (тана ҳароратини мунтазам ўлчаб бориш), инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходимлар ва болаларни машғулотлардан четлатиш, шунингдек, санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади. Шунингдек, 2020 йил 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда умумий овқатланиш объектлари фаолиятига (8:00 дан 23:00 га қадар) ва ҳудудлар ўртасида автобус қатновларига рухсат берилмоқда. Бунда албатта, санитар хавфсизлик, бир жойда бўладиган одамлар сонини чегаралаш ва масофани сақлаш чораларига риоя қилиш талаблари сақланиб қолади.