“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” – ижтимоий ҳимоя учун қулай ахборот тизими
Мамлакатимизда кейинги йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шохруҳ ШОРАҲМЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
молия вазири ўринбосари
Шунингдек, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини енгиллаштириш, ортиқча қоғозбозликни йўқотиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Коронавирус пандемияси даврида аҳолининг асосий қисми карантин талабларига риоя қилиб, уйда қолмоқда. Бундай шароитда уларга давлат хизматларини масофадан кўрсатиш, санитария талаблари жиҳатидан қоғоз кўринишидаги ҳужжатлар айланмасини камайтириш нақадар долзарб экани янада яққол намоён бўлмоқда.
Мана шундай давлат хизматларидан бири бу – 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлашдир. Ушбу ижтимоий нафақаларни тайинлаш жараёнида расмиятчилик, сансалорлик ва бюрократия авж олган, десак хато қилмаймиз. Бунда ёрдамга муҳтож бўлган оилаларни турли маълумотнома ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни йиғишдан озод этишнинг аллақачон вақти келган.
Молия вазирлиги томонидан мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида хориж тажрибаси ўрганилганда, кўплаб ривожланган мамлакатларда аҳолига пул ёки маҳсулот кўринишидаги ёрдамларни кўрсатиш тизими автоматлаштирилгани, муҳтож инсонлар ва оилаларга шу каби давлат хизматлари электрон тизимлар ёрдамида амалга оширилаётгани маълум бўлди. Ушбу ўрганишлар натижасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими яратилди.
Хўш, Ягона реестр, бу қандай тизим ва унинг қанақа ижобий томонлари бор?
Ягона реестр – бошланғич босқичда ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун инсон омилисиз оиланинг (фуқаро) муҳтожлигини ўзи аниқлайдиган, нафақаларни тайинлаб, тўловларни амалга оширадиган ва назорат қиладиган, харажатлар ҳисобини юритадиган автоматлашган ахборот тизимидир.
Кейинги босқичларда бу тизим ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро ва оилаларга давлат томонидан кўрсатиладиган пул ёки маҳсулот кўринишидаги барча ёрдам турларини (болаларнинг бепул боғчага қатнаши, ўқувчиларни бепул дарсликлар тўплами билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул ёки имтиёзли тиббиёт хизматларини кўрсатиш, ипотека кредитлари учун бошланғич бадални тўлаш ва бошқа) қамраб олади.
Ягона реестрнинг афзаллиги шундаки, биринчидан, тақдим этиладиган маълумотларга зарурат бўлмаслиги ҳисобига ижтимоий нафақаларга муҳтож оилалар учун ариза бериш жараёни кескин енгиллашади ва ушбу оилалар учун маълумотларни йиғиш каби сарсонгарчиликларга барҳам берилади.
Иккинчидан, кам таъминланганликни эътироф этиш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ёки рад этиш жараёни максимал даражада шаффофлашади. Нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор фақат Ягона реестр ахборот тизими томонидан (унга киритилган мезонлар асосида) қабул қилинади, бунда ҳеч қандай инсон омили мавжуд бўлмайди.
Учинчидан эса ҳозирги кунда кам таъминланган оилаларга давлат томонидан турли хил ёрдамлар (болаларнинг бепул боғчага қатнаши, мактабда бепул дарсликлар ва қишки кийим-бош билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул даволаниш ва бошқалар) кўрсатилмоқда. Бироқ ушбу ёрдамларга муҳтож оилаларни аниқлаш тартиби ҳеч қандай қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган ва давлат томонидан қайси оилага қандай ҳамда неча пуллик ёрдам кўрсатилгани тўғрисида маълумотлар базаси мавжуд эмас. Демак, Ягона реестр мана шундай маълумотлар базасига айланади ва ушбу база орқали автоматик тарзда барча ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Мазкур ахборот тизими жорий этилган тақдирда аҳоли учун ижтимоий нафақаларни олиш жараёнида қандай енгилликлар яратилади, деган савол моҳиятан ўринли ва барча учун қизиқ савол. Ҳақиқатдан ҳам, тизим ишга туширилиши натижасида бу борада нималар ўзгаради?
Айтайлик, ҳозирги кунда ижтимоий нафақаларни олиш учун ёрдамга муҳтож фуқаро оиланинг таркиби ва даромади тўғрисидаги маълумот ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжат, болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари, асосан яшаб турган жойи бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун доимий яшаш (доимий прописка) жойи бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмаганлиги ва тўланмаганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома, агар болалар васийликка олинган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма каби маълумот ва ҳужжатларни йиғиб, маҳалла фуқаролар йиғинига топшириши керак бўлади. Бундан ташқари, моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризага ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.
Кўриниб турганидек, ушбу ҳужжатларни йиғиш жараёни анча вақт ва сабр талаб этади. Бунинг устига, шунча югур-югурдан сўнг маҳалла фуқаролар йиғини томонидан “Ҳужжатларингни олмайман, камчилиги бор ёки пул йўқ, кейинги ойда келгин”, деб қайтариб юбориш каби кўплаб ҳолатлар мавжуд ва давом этмоқда.
Эътиборли жиҳати, шундан кейин ҳам бир қатор жараён амалга оширилади. Жумладан, биринчидан, ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг аризачи ва унинг оила аъзоларининг даромади ҳисоб-китоб қилинади. Иккинчидан, аризачининг уйига 5 кишилик махсус комиссия бориб, оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиб чиқади, унинг хулосаси маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган комиссияга тақдим этилади. Учинчидан, ушбу 15 кишилик комиссия оила даромади ва махсус комиссиянинг хулосасини кўриб чиқиб, оилага ижтимоий нафақани тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Ушбу жараёнда талаб даражасидаги шаффофлик бўлмайди, яъни ижтимоий нафақани тайинлаш (ёки тайинламаслик) тўғрисидаги қарорни қабул қилишда инсон омилининг таъсири катта бўлади.
Янги тизим – Ягона реестр учун эса муҳтож оила аъзоларининг бор-йўғи паспорти, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (болалар учун) ва никоҳни қайд этиш тўғрисида гувоҳнома (мавжуд бўлганда) нусхалари талаб этилади. Ушбу ҳужжатлар маҳалла фуқаролар органларига тақдим этилади ва бунда ушбу ҳужжатларни қабул қилинмаслигига йўл қўйилмайди.
Қабул қилинган ҳужжатлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этилгандан сўнг ариза ва унинг оила аъзолари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардаги маълумотлар Ягона реестрга киритилади.
Оиланинг муҳтожлигини аниқлаш учун зарур бўладиган бошқа маълумотлар (оила аъзолари даромадлари – иш ҳақи, пенсия, стипендия ва бошқалар, номида мавжуд кўчмас мол-мулки, автотранспорт воситалари, ишлаганлиги ёки ишсиз бўлганлиги, ишсиз бўлиб меҳнат органларига мурожаат қилганлиги тўғрисида) Ягона реестр орқали солиқ, кадастр, ички ишлар, меҳнат ва бошқа идоралардан автоматик равишда электрон тарзда олинади.
Қонунчиликда белгиланган мезон ва меъёрлардан келиб чиқиб, турли идоралардан олинган маълумотлар асосида Ягона реестр, ҳеч қандай инсон омилисиз, аризачилар оиласига ижтимоий нафақаларни тайинлайди ёки тайинлашни рад этади. Бу бўйича қабул қилинган қарор аризачи ёки унинг оила аъзоларига СМС-хабарлар орқали етказилади.
Таъкидлаш керакки, Ягона реестр тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилояти ҳудудида 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб шу кунга қадар ишлатиб келинмоқда.
Ягона реестрни яратиш учун қанча маблағ сарфланади ва ушбу ахборот тизимини яратишда қайси ташкилотлар ёрдам бермоқда?
Эътиборлиси, Ягона реестрни шакллантириш учун ҳозирги кунга қадар Давлат бюджетидан 1 сўм ҳам маблағ сарфланмаган. Барча харажатлар ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси грант маблағларидан (2019-2021 йилларга мўлжалланган 610 минг АҚШ доллари) қопланмоқда.
Шу кунга қадар ушбу маблағлар ҳисобидан (“Development Pathways” ихтисослаштирилган халқаро компанияси томонидан) “Ягона реестр” ахборот тизими яратилди. Бу тизим орқали 9 вазирлик ва идоранинг (Давлат хизматлари агентлиги ва ФҲДЁ бўлимлари, Молия вазирлиги ва Пенсия жамғармаси, “Ўздавгеодезкадастр”, Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва АТ Халқ банки) маълумотлар базасидан реал вақт режимида электрон алмашув асосида 20 турдаги маълумот олинмоқда.
Сирдарё вилояти учун сервер қурилмаси, шахсий компьютер, принтер ва компьютер техникалари сотиб олинди. 2020 йилда “Ягона реестр” ахборот тизимини такомиллаштириш, шунингдек, унинг функцияларини кенгайтириш (давлат томонидан кам таъминланган оилаларга кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш) бўйича ишлар давом этмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилнинг якунига қадар Ягона реестрни республикамизнинг қолган барча ҳудудларида амалиётга татбиқ этиш мақсадида Жаҳон банкининг 5 миллион доллар миқдорида кредит маблағи жалб этилди. Ушбу маблағ ҳисобидан зарур сервер қурилмалари, 200 дан ортиқ туман ва шаҳар пенсия бўлимлари учун компьютер техникалари олинади, масъул ходимлар ўқитилиб, бошқа ташкилий ишлар амалга оширилади.
Мухтасар айтганда, Ягона реестр Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги тегишли қарори билан Сирдарё вилоятида жорий этилиб, ушбу қарор билан вилоятнинг кам таъминланган оилаларига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик Низом тасдиқланган эди.
Ҳозирги кунда тажриба-синов жараёнида аниқланган камчилик ва муаммолардан келиб чиқиб, Ягона реестр ахборот тизими янада такомиллаштирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 майдаги тегишли қарори билан вақтинчалик Низом янгиланди.
Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида жорий этилган Ягона реестрни жорий йилнинг якунига қадар босқичма-босқич республиканинг қолган 13 ҳудудида ҳам амалиётга татбиқ этиш режалаштирилмоқда. Буни амалга ошириш мақсадида ҳозирги кунда тегишли қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.