“Masdar” компанияси билан инвестиция битими имзоланди
Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича етакчи халқаро компаниялардан бири ҳисобланган “Masdar” (БАА) компанияси Навоий вилоятида қуввати 500 МВтга тенг бўлган дунёдаги энг йирик шамол электростанцияларидан бирини қуради.
Амирликлардаги компания ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасидаги инвестиция битимини имзолаш маросими бугун, 2020 йилнинг 8 июн куни бўлиб ўтди, унга кўра “Masdar” компанияси шамол электростанциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни таъминлайди.
Бу мазкур компания томонидан Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган иккинчи йирик лойиҳа – “Masdar” ўтган йилнинг октябрь ойида давлат - хусусий шериклик асосида Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электро станциясини қуриш бўйича тендер савдоларида ғолиб деб эълон қилинган эди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли шартномалар 2020 йилнинг январь ойида имзоланган эди.
Шамол электростанцияси қурилиши ва келгусида ундан фойдаланилиши мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади.
Биринчи навбатда, бу 600 млн доллардан ортиқ миқдорда тўғридан – тўғри хорижий инвестицияларни лойиҳага жалб қилиш бўлиб, қурилиш босқичида ҳам, ундан кейинги фойдаланишда ҳам 1300 та янги иш ўринларининг яратилишидир.
Шамол электростанцияси йилига 500 000 дан ортиқ уй хўжаликлари истеъмолига тенг бўлган 1,9 гВт/с мақбул ва арзон электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳисобига республика энергия мувозанатини диверсификация қилади ва мустаҳкамлайди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларининг замонавий технологияларини жорий этиш, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган табиий газ ҳажмини (йилига 175 млн куб. метргача) экспортга ва саноат корхоналарининг эҳтиёжларига йўналтириш учун камайтирилади ҳамда - жуда муҳим жиҳати - атмосферага карбонат ангидрид чиқариб ташлашни сезиларли даражада камайтиради (йилига 1,1 млн тоннага).
Қурилиш ишларини жорий йилнинг охиригача бошлаб, биринчи навбатдаги генерация қувватларини (250 МВт гача) 2022 йилнинг ўрталарида ва барча қувватларни 2023 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.