Бухоро вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш масалалари ўрганилди
Жорий йилнинг 9 - 10 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигидаги ва вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Бухоро вилоятига ташриф буюриб, Жондор, Қоракўл ва Олот туманларида рўй берган тўфон оқибатларини юмшатиш, маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш, касаначиликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишининг боришини ўрганди.
Ўрганиш давомида шикастланган иссиқхоналарни таъмирлаш, суғурта компаниялари томонидан тадбиркорлик субъектларининг зарарларини қоплаш ва корхоналар фаолиятини тезкор равишда тиклаш мақсадида тижорат банклари томонидан қўшимча имтиёзли кредит ресурсларини ажратиш орқали молиявий ёрдам кўрсатиш юзасидан кўрилган чоралар тўғрисида тегишли ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, тармоқлар ва тижорат банклари кесимида янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг жорий ҳолати ва шу билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Ҳар бир лойиҳани таҳлил қилиниши мавжуд муаммолар ечимининг самарали алгоритмларини тезкор равишда ишлаб чиқиш ва масъул раҳбарлар томонидан амалга ошириладиган чораларни белгилаш имконини берди.
Минтақада иқтисодий фаолликни рағбатлантириш мақсадида йирик саноат корхоналари, жумладан, тўқимачилик корхоналари негизида тадбиркорликни ривожлантириш ва касаначилик учун имкониятларни ташкил этишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш устувор вазифа этиб белгиланди. Шу билан бирга, кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги лойиҳаларга урғу бериб, аҳоли даромадларини ошириш механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш топширилди.
Шу муносабат билан Бухоро вилоятининг ҳар бир туман ва шаҳрига тижорат банклари, шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари бириктирилди, уларнинг асосий вазифаси сифатида иқтисодий салоҳиятни чуқур ўрганиш ва янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланди.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш учун вилоятга қарашли туман ва шаҳарларининг сектор раҳбарлари шахсан жавобгар эканликлари ҳақида огоҳлантирилдилар. Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига ушбу лойиҳаларни жадаллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, шунингдек, жойларда мавжуд имкониятларни атрофлича таҳлил қилиб, янги инвестициявий ташаббусларни амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Тижорат банкларининг Бухоро вилоятида маҳаллий аҳолини касаначилик ишларига жалб этиш бўйича 4 истиқболли йўналиш: кулолчилик, узумчилик, анор ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар кўчатларини етиштириш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларида эришилган ютуқлар алоҳида кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, тегишли банклар раҳбарларига Фарғона вилоятининг Риштон, Олтиариқ ва Қува туманлари тажрибасидан фойдаланган ҳолда, юқорида қайд этилган йўналишларда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Вилоят туман ва шаҳарлари салоҳиятига боғлиқ ҳолда истиқболли инвестиция таклифларининг сонини кўпайтириш учун Бухоро вилоятида тизимли равишда фаолият юритадиган “Лойиҳалар фабрикаси”ни ташкил этиш бўйича саволлар кўриб чиқилди. Хорижда яшаб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган иқтидорли ёшлар ва юртдошларимизни фаол жалб этишни назарда тутувчи ушбу ташаббус вилоятдаги туман ва шаҳарларнинг иқтисодий имкониятларини холисона тадқиқ этиб, ўсиш нуқталарини аниқлаш имконини беради, улар асосида янги истиқболли инвестиция таклифлари ишлаб чиқилади.
Муҳокама натижасида вазирликлар, идоралар, тармоқ хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъул раҳбарларига муддатлар ва кутилаётган натижалар аниқ белгиланган манзилли кўрсатмалар берилди. Ушбу чора-тадбирлар ва кўрсатмаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилади.