Европа Иттифоқининг савдо бўйича комиссари Ф.Хоган билан музокаралар бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Европа Иттифоқи савдо бўйича комиссари Ф.Хоган ўртасида видеоконференция бўлиб ўтди, унинг давомида коронавирус тарқалишига қарши курашда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро ҳаракатларнинг устуворликлари, шунингдек, ҳамкорликнинг қатор долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.
Республика ҳукумати номидан Европа томонига пандемиянинг Ўзбекистон ижтимоий - иқтисодий ривожланишига таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 36 млн. евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилгани учун миннатдорчилик билдирилди.
“COVID-19”нинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш ва қамбағалликни қисқартириш каби келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари аниқланди. Бу мақсадларга Европа Иттифоқининг 2021-2027 йиллар учун навбатдаги бюджет даври доирасида молиялаштиришнинг сезиларли қисмини йўналтириш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим лойиҳаси бўйича келишишни тезлаштириш борасидаги ишларни фаоллаштириш юзасидан келишувга эришилди, бунинг учун яқин вақтларда музокараларнинг навбатдаги 6-чи раундини онлайн тарзда ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ватанимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг 4-чи йиғилишига тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга, шунингдек, Ўзбекистон ЕИ “ПБТ+” имтиёз тизими бенефициар мамлакат мақомини олиши жараёнига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар давомида молиявий - техник ҳамкорлик соҳасидаги ижобий суръатлар қайд этилди. Европа томонига умумий қиймати 40 млн. еврони ташкил этувчи “Қишлоқ хўжалиги соҳасини бюджетдан қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонга қўшимча ёрдам” лойиҳаси доирасида 10 млн. евро миқдоридаги биринчи транш учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Бундан ташқари, жорий йилда режалаштирилган бир қатор икки томонлама тадбирларни видеоконференцалоқа орқали ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Улар орасида “Ўзбекистон – ЕИ” Ҳамкорлик қўмитасининг 17-йиғилиши, иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича “Ўзбекистон - ЕИ” Қуйи қўмитасининг 15-йиғилиши ва тараққиёт мақсадларида ҳамкорлик бўйича “Ўзбекистон - ЕИ” Қуйи қўмитасининг 3-йиғилиши.