Фарғона вилоятида "Тадбиркор-ислоҳотчи" ташаббуси доирасида йиғилиш бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 13 июнь куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишбилармонлик муҳитини изчил яхшилаш ва бизнес юритиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган “Тадбиркор – ислоҳотчи” ташаббуси доирасида тегишли вазирлик, идора, саноат хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат шу мақсадларда ташкил этилган ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Жойларга бориб, маҳаллий тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш орқали минтақадаги ишбилармонлар дуч келаётган долзарб масалалар ва муаммоларни ўрганиш, шу нуқтаи назардан, бизнес вакилларининг ғоя ва таклифларини келгусида амалга ошириш мақсадида очиқ мулоқот доирасида тинглаш юзасидан вазифалар берилди.
Йиғилиш давомида умумий сони 36 мингдан ортиқ бўлган вилоятдаги тадбиркорлик субъектларига тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят, шаҳар ва туман даражасидаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларини бириктириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Тадбиркорлар билан ишлашда тезкорлик устуворлик сифатида белгиланди: юзага келган ҳолатларни кўриб чиқиш ва масалаларни ҳал этиш муддати ариза келиб тушган кундан бошлаб 3 кундан ошмаслиги керак. Тезкор жавоб бериш тизимини йўлга қўйиш учун энг кенг тарқалган мессенджерлардан фойдаланган ҳолда “бизнес чат”, шунингдек, туман ва шаҳар хокимликларида тадбиркорлар учун махсус Call-марказлари ва сайёр қабулхоналарини ташкил этиш топширилди.
Тадбиркорларнинг ғоя ва таклифлари тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари томонидан алоҳида тартибда кўриб чиқилади. Асосий вазифа - давлат ҳокимияти органларининг жойлардаги ишини такомиллаштириш ва “бизнес - давлат” тамойили бўйича самарали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи тизимли омиллар ва муаммоларни аниқлашдан иборат.
Кредит маблағлари ажратиш, солиқ имтиёзларини қўллаш, ер участкалари, бўш бино ва иншоотлар ажратиш, муҳандислик коммуникацияларига уланиш билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этилишини таъминлаш, ва, бундан ташқари, келаётган мурожаатлар асосида шу каби масалаларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Фермер ва тадбиркорларни ўзаро манфаатли шартлар асосида қишлоқ хўжалиги ва технологик асбоб-ускуналар билан таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятининг бир қатор шаҳар ва туманларида лизинг компанияларининг филиаллари ташкил этилади.
Минтақа хусусиятлари, юқори ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти, аҳоли зичлигини ҳисобга олган ҳолда кичик ва ўрта бизнес субъектларига зарур кредит ажратиш тизимини ташкил этиш бўйича вазифа қўйилди, бу, ўз навбатида, қисқа муддатларда “тезкор старт” ишлаб чиқаришлари сонини кўпайтириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, “ишлаб чиқариш – маҳалла” иқтисодий шериклик тизими модели жорий этиш учун таклиф этилган бўлиб, унинг доирасида оилавий корхоналарни ташкил этиш орқали маҳаллий аҳолини ҳунармандчилик ва касаначиликка фаол жалб этиш режалаштирилди.
Хорижда яшаб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган истеъдодли ёшлар ва юртдошларимизни жалб этган ҳолда янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга қаратилган маҳаллий тадбиркорлар ва ташкил этилаётган “Лойиҳалар фабрикаси"нинг ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилади.
Тегишли вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига Фарғона вилояти туманларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кичик саноат зоналарини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилиш натижасида муҳокама қилинган ташаббус ва кўрсатмаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун тегишли давлат тузилмалари ва маҳаллий ҳокимият органларининг масъул раҳбарларига аниқ муддатлар белгиланган ҳолда шахсий жавобгарлик юклатилди.